Фонд бозорини ривожлантириш истиқболлари

 

         Замонавий молия тизимини молия бозорисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Фонд бозори эса молия бозорида мухим ахамиятга эга. Фонд бозори- бу унинг иштирокчилари томонидан қимматли қоғозларни чиқариш ва уларнинг муомалада бўлишида иқтисодий муносабатлар тизимидир.

         Фонд бозори ривожланишининг мамлакат иқтисодиётига таъсири шундаки, у кенг доирадаги инвесторларнинг, шу жумладан хорижий инвесторларнинг капиталини иқтисодиётнинг турли тармоқларига жалб қилиш, уларни қайта диверсификация қилиш, шу орқали мамлакат учун мухим бўлган йирик лойихаларни молиялаштириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш каби бугунги кунда долзарб бўлиб турган турли иқтисодий-ижтимоий муаммоларни бартараф этишда ёрдам беради.

        Фонд бозорини тараққий топтириш хўжалик юритувчи субъектлар ва ахолининг реал даромадларига хам таъсири каттадир. Чунончи, унда компаниялар ўзларининг инновацион лойихаларини молиялаштириш имкониятига эга бўладилар, бозорнинг бошқа иштирокчилари эса қимматли қоғозларни сотиб олиш, сотиш, шунингдек дивиденд ва фоиз кўринишида даромад олиш имкониятини қўлга киритадилар.

       Бугунги кунда мамлакатимизда 605 та акциядорлик жамиятлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар сони 5,503 млрд. донани, чиқарилувнинг умумий қиймати 53,9 трлн. сўмни ташкил этмоқда. Мавжуд 605 та жамиятдан 27 таси банклар, 4 таси биржалар, 9 таси инвестиция фондлари, 16 таси лизинг ва суғурта компаниялари, қолган 549 таси иқтисодиётнинг турли тармоғидаги жамиятлардир.

          Фарғона вилоятидаги акциядорлик жамияти сони бугунги кунда 43 тани ташкил этади. Вилоятдаги акциядорлик жамиятлари томонидан муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар сони 40,199 млн. донани, чиқарилув хажми  581,5 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

        2018 йилнинг 1-ярим йиллигида “Тошкент” республика фонд биржасида савдолар айланмаси 170,9 млрд. сўмни, битимлар сони эса 6401 тани ташкил этди. Шундан вилоятимиздаги акциядорлик жамиятларига тегишли қимматли қоғозлар бўйича савдолар хажми 16,67 млрд. сўмни, битимлар сони 3897 тани ташкил қилди. Бу борада Фарғона вилояти республика миқёсида Тошкент шахридан кейин иккинчи ўринда бормоқда.

           Биржа савдоларида ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда ўсиш кузатилди. Бунга кейинги пайтда сохани ривожлантириш бўйича янгича ёндошувдаги ислохотлар сабаб бўлмоқда десак янглишмаймиз.

       Яқинда мамлакатимиз фонд бозорида илк марта “Кварц” АЖ акцияларини IPO (бирламчи оммавий таклиф этиш) усулида сотилиши кўплаб фуқароларимизни фонд бозорига бўлган қизиқишини янада ортирди хамда фонд бозорини ривожланишида мухим қадамлардан бири бўлди.

       Бироқ, шундай бўлсада сохада ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борки уларнинг ечимисиз фонд бозорини ривожлантириб бўлмайди.         

       Бугунги кунда мамлакатимиздаги акциядорлик жамиятларининг умумий сони фонд бозори учун кам хисобланади. Чунки қимматли қоғозлар эмитентларининг камлиги фонд бозорини иқтисодиётдаги салмоғини пасайишига, қимматли қоғозлар билан савдо айланмасининг камайишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида молия ресурсларини иқтисодиётга етарлича йўналтириш имконини бермайди.  Шу муносабат билан муаммо ўз ечимини топиши учун акциядорлик жамияти ташкил қилиш орқали тадбиркорлик фаолиятини юритишни рағбатлантириш механизмларини яратиш лозим.         

       Иқтисодиётнинг реал сектори ва фонд бозори ўртасидаги узилиш корхоналарга инвестициявий маблағларни жалб қилишда қийинчилик туғдирмоқда.

           Ахоли, шу жумладан кўплаб корхоналар бошқарувчилари молия бозори сохасида етарли билим, ахборот  ва малакага эга эмаслар. Корхоналар рахбарлари бизнесни молиялаштиришда кўпроқ банк кредитини афзал билсалар, оддий фуқаролар инвестиция объекти сифатида кўчмас мулк, қимматбахо буюмлар, банк омонатларини афзал кўрмоқдалар. Шу муносабат билан қимматли қоғозлар капитал жалб қилиш ва фойда олишнинг самарали воситаси эканлигини кенг оммага етказишда зарур чораларни белгилаш, молия бозори сохасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, ахолинининг молиявий сохада саводхонлигини ошириш зарурлигигига эътибор қаратиш зарур.Ривожланган мамлакатларда бўлганидек ахолининг биржа савдоларида иштирок этиши учун қулай ва содда механизмларни жорий этиш керак.

        Маълумки давлат қимматли қоғозлари бозори нафақат давлат бюджети тақчиллигини қоплаш манбаи, балки молия бозори тараққиётидаги мухим восита ва йирик инвестиция лойихаларини молиялаштиришнининг ўзига хос гарови хамдир. Шунингдек у мамлакатда инфляция кўрсаткичларини барқарорлигини таъминлашда сезиларли таъсир кучига хам эга.

          Шу муносабат билан фонд бозорини ривожлантиришда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш ва жойлаштириш имкониятларидан унумли фойдаланиш зарур.

        Бундан ташқари иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш мақсадида давлат улушига тегишли акцияларни бирламчи ва иккиламчи бозорларда сотиш механизмларини қайта кўриб чиқиш, стратегик ахамиятга эга корхоналарни бошқаришда устувор имкониятларни сақлаб қолиш учун “олтинг акция” дан кенг фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш зарур.

          Мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Харакатлар стратегиясида мамлакатимиз фонд бозорини ривожлантириш чоралари белгиланган. Шу муносабат билан яқин орада Ўзбекистон фонд бозорини халқаро миқёсда етакчилар қаторига қўшилишига умид қиламиз.

 

 

 

М.Кенжаев

Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш Маркази  Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи