“Молиявий пирамида” лардан эхтиёт бўлинг!
Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорлик фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ислохотлар олиб борилаётган бир пайтда, мамлакат худудларида турли хил кўринишдаги “молиявий пирамидалар” пайдо бўлаётгани тўғрисида кейинги пайтда тез-тез хабарлар янграмоқда.
Манбааларга кўра молиявий пирамидаларни келиб чиқиш тарихи 18 асрга бориб тақалади. Бугунги кунга қадар уларнинг 100 минг ортиқ турлари аниқланган.
Маълум бўлишича, одатда келиб чиқиши чет элларда бўлган жиноий гурухлар хар хил электрон платформалар, сайтлар ва ахборот тизимларини ташкил қилиш орқали ноқонуний бойлик орттириш мақсадида ахолининг бўш пул маблағларини жалб қилиш учун Ўзбекистонга кириб келмоқдалар.
Бундай лойихаларнинг жозибадорлигини ошириш ва кўп сонли иштирокчиларни жалб қилиш мақсадида улар турли хил усуллардан, схемаларданфойдаланишмоқда. Булар орасида энг оммавийси “понци схемаси” дир.
“Понци схемаси”- бу молиявий пирамида ташкил этишнинг жиноий схемаси бўлиб, у аввалги инвесторларнинг даромадларини янги инвесторлардан олинган даромадлар хисобидан тўлашни назарда тутади. Аввалига бу жуда фойда келтирувчи схема бўлиб кўриниши мумкин. Аммо у одатда янги инвесторларнинг маблағлари оқими эски инвесторларга тўлаш учун етарли бўлмай қолгандан сўнг бузилади.
Мутахассислар фикрига кўра бундай фирибгарлик лойихаси муаллифлари қандайдир жозибадор номлар билан фаолият юритишади. Шундай бўлсада уларнинг айрим белгиларидан шубхали лойиха эканлигини билиш мумкин:
- Компаниянинг келиб чиқиш жойи, манзили номаълумлиги;
- Хар қандай молиявий жавобгарликни рад этиш ва иштирокчидан битимёки шартномада барча хатарни қабул қилишга рози эканлигини талаб қилиш;
- Шубҳали ёки оддий фойдаланувчи учун тушунарсиз хизматлар ва махсулотлар таклиф қилиш;
- Муайян платформада келгусида ишлаш учун маблағларни мажбурий инвестициялаш бўйича талабларнинг мавжудлиги;
- Янги иштирокчиларни жалб қилиш орқали даромад олишнинг кўп босқичли дастурининг мавжудлиги;
- Ушбу лойихага маблағ киритган бошқа иштирокчиларнинг юқори даромадларини намойиш этиш орқали жозибадорликни ошириш;
- Иштирокчиларнинг зарур билимлари йўқлигини хисобга олган холда “крипто валюталарнинг юқори истиқболлари” билан манипуляция қилиш;
- Компанияни гўёки кенг кўламли фаолият кўрсатиши ва лойихага кенг аудиторияни жалб қилиш мақсадида йирик тадбирларни ташкил қилиш;
- Иштирокчиларга маълум малака ва бошқа талаблар қўйилмаслиги.
Бундай компаниялар томонидан фуқароларга хар хил турдаги қимматли қоғозлар, крипто активларга инвестиция қилиш, қандайдир ютуқли ўйинларда иштирок этиш таклиф қилиниб турли хил миқдордаги даромадлар ваъда қилинмоқда.
Юқоридаги хизматларни таклиф қилаётган компаниялар Ўзбекистон Республикасида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтмаган, тегишли лицензияга ва ходимлари малака гувохномаларига эга эмас. Уларнинг вакиллари асосан жойларда, ижтимоий тармоқларда норасмий равишда тарғибот қилиш орқали фуқароларни ўз лойихаларига жалб қилмоқдалар.
Ўзбекистон Республикасидабундай молиявий фирибгарликлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Молиявий-хуқуқий саводхонлиги етарли бўлмаган кўплаб фуқароларимиз ана шундай молиявий фирибгарликлар қурбони бўлишлари, ўз маблағларини йўқотишнинг эхтимоли жуда катта. Буни олдини олиш мақсадида яқинларимизни, хусусан ёшларни бу хавфдан огохлантиришимиз даркор. Шунингдек оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, жойларда, корхона ва ташкилотларда бундай хавфдан огохлантирувчи тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Шунингдек шубҳали молиявий схемалар асосида айрим компанияларнинг ёки шахсларнинг фаолияти тўғрисида маълумот келиб тушганда белгиланган тартибда хуқуқни мухофаза қилувчи идораларга хабар бериш лозим.
Ўз навбатида, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан ўз маблағларини ноқонуний даромад олиш мақсадида капитал бозори элементлари ва атамаларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик билан шуғулланувчи шахсларга ишониб топширмасликни сўрайди ҳамда махаллий эмитентлар қимматли қоғозларига инвестиция киритишни ва бу борада капитал бозорининг тегишли лицензияга эга иштирокчилари билан ҳамкорлик қилишни тавсия қилади.
Мақсуджон Кенжаев
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги
Фарғона вилоят худудий бошқармаси бошлиғи
- УШБУ ВЕБ САЙТДАН ОЛИНГАН МАЪЛУМОТЛАР "БАРАКА" ИФ АЖ нинг www.barakaif.uz САЙТИ МАНБАЛАРИДАН ОЛИНГАН ДЕБ КЎРСАТИЛИШИ ШАРТ!
МАЪЛУМОТЛАР АРХИВИ Январь Февраль Март Апрель Май Июнь Июль Август Сентябь Октябрь Ноябрь Декабрь Веб сайтга ташрифлар статистикаси |